» » МАНҒИТОБОДЛИК "ЗОЙИР ЗЎР"

ЯНГИЛИКЛАР / ЖАМИЯТ ВА ХАЁТ

МАНҒИТОБОДЛИК "ЗОЙИР ЗЎР"

   Зойир Юсуповни маҳалладошлари яхши билишади. Афсуски у ёмон хулқ-атвори билан қишлоқдагиларга танилган. Ўтган йилнинг сўнгги ойида унга нисбатан жиноят ишлари бўйича суд ҳукми ўқилганда яқинларидан бошқа ҳеч кимнинг ичи ачимади. Қандай айб қилдики, у бундай жазога, элнинг қарғишига қолди экан? Кўпчилик кўнглидан кечган шу саволга воқеалар тафсилотида ойдинлик киритилади.
   Ўтган йили 23 апрелда содир бўлган бу жиноят эшитганларнинг хотирасидан кўтарилмаган. "Дамас" русумли автомашина катта тезликда кетаётган пайт орқа эшик очилиб аёл киши гўдаги билан ўзини ташлайди. Оқибатда аёл воқеа жойида ҳаётдан кўз юмган. Кундузи катта йўлда содир бўлган мудҳиш бу воқеа сабабчиси ким? Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари жиноятчини аниқлагунга қадар анча вақт ўтди. Чунки "из" йўқолган. Машинани кўрган, жиноятчини таниган гувоҳларни топиш учун барча чора-тадбирлар кўрилди.
Шу воқеадан икки ҳафта олдин эса қўшни маҳалладан 12 нафар фуқаро Қозоғистон республикасининг Чимкент вилояти Жеттисой тумани "Қорасоқол" қишлоғида тўғон қурилиши объектига ишга боришади. Янги ишчиларни Зойир Юсупов кутиб олиб иш тақсимлаб беради.
  "Чўл ҳудудида иккита темир контейнерда 25 кишидан жойлашдик. Ўша ерда Зойирнинг таниши "Мирсоат" исмли киши фуқаролик паспортларимизни йиғиб олди. Эртаси кун соат бешдан иш бошладик. Тушлик 20 дақиқа. Очиқ майдонда тайёрланган овқатларни еб бўлмасди. Сувни шу ердаги омборхонанинг ўзидан ичардик". Бу жабрланганларнинг кўрсатмаларидан келтирилган жумлалар. Орадан бир ҳафта ўтиб, Зойир Юсупов тўғонда ишлаётганлар ҳузурига келади. Ўз навбатида, улар шарт-шароит, егулик ва ичимлик суви муаммоларини унга айтишади. Шағал тошларни сеткали симлар орасига тўлдириш билан шуғулланаётган тумандошларини бироз кузатиб турган Зойир Лутфиддин Қозоқовга қараб ўшқиради:
- Сен бола яхши ишламаяпсан, онангни …
- Уйдагиларни ҳақорат қилманг, ўзимни сўкинг, - деб гап қайтаради у. Бундай муомаладан жаҳли чиққан Зойир "Сен ҳали бош кўтараяпсанми?" деб кетмон даста билан унинг чап елкасига туширади. Сўнг ердан арматура олиб яна бир неча бор кўкрагига урди. Уларни ажратишга чоғланган Ҳусниддин Расуловни ҳам аяб ўтирмади. Муросага келтирмоқчи бўлган Санжар Омоновни бўралатиб сўкади. Л.Қозоқов хўрликка чидолмади.
   - Ишинг керак эмас, уйга кетаман.
   -Ҳеч қаерга кетмайсан. Ҳаммангнинг паспортинг йўқ. Бу ердан фақат ўлигинг кетади. Бугун эса бош кўтарганларинг учун тун яримгача ишлайсанлар.
Дўқ-пўписа бежиз эмас экан . Кечки овқатдан сўнг, тунгги соат 10 гача ёритгичлар ёрдамида ишлашди. Эртаси куни Л.Қозоқов З.Юсуповнинг олдига бориб, кечаси билан ухламагани, ҳамма жойи оғриётгани, ишга чиқолмаслигини билдирди.
- Ишламасанг ўлдириб юбораман, - деган жавобдан сўнг изоҳга ҳожат қолмади. Орадан 4 кун ўтиб, соғлиги ёмонлашган Л.Қозоқов ишга чиқмай контейнерда ётиб қолади. Ўн беш кунлар чамаси ғойиб бўлган З.Юсупов бир куни кечқурун яна пайдо бўлди. "Ишга чиқмаган" яна жазоланди.
   - Зойир қамалади, деб ўйладиларингми? Сени ҳам ҳозир ўлдираман.
Бу пўписа замирида нима гап борлигини улар дарров илғашди. 15 кун бурун уйига кетган З.Юсупов "Бир аёлнинг ўлимига сабаб бўлди", деган гап-сўзлар етиб келганди бу ерга ҳам. Тўғон қурилишидаги ишлар охирига етгунча ана шундай азобда ишлаганларни 2017 йил 11 май куни микроавтобусда Ўзбекистон чегарасигача олиб келишади. Чегарада уларни кутиб турган З.Юсупов ҳар бирига 300 минг сўмдан пул ва паспортларини қайтариб беради. Қолган иш ҳақларини уйларига боргач олишларини тайинлайди. Л.Қозоқовга эса алоҳида уқтиради:
   - Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга арз қилсанг кунингни кўрсатаман. Биласан, ҳамма жойда танишларим бор…
   Юртга қайтган Л.Қозоқов ва унинг шериклари З.Юсуповнинг қилмишлари юзасидан тегишли идораларга арз қилишади. Аслида манғитободлик "Зойир зўр"га нисбатан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 109- моддаси, 2-қисми билан қўзғатилган жиноят ишлари жабрланувчиларнинг андишалари инобатга олиниб, 2012 йил 23 май, 2016 йил 20 сентябрь, 2017 йил 17 мартда жиноят ишлари бўйича туман ва Самарқанд шаҳар судлари ажримига кўра ҳаракатдан тўхтатилган. Бу сафар бир аёлнинг ўлимига сабабчи бўлганлиги, бир қанча фуқароларни зўрлик билан ишлатганлиги гувоҳларнинг кўргазмалари билан тўлиқ тасдиғини топди.
"Зойир зўр"га 9 йил 6 ой муддатга озодликдан марҳум этиш жазоси тайинланди.
Ф.АБДУЖАЛИЛОВА.
скачать dle 11.3

Ўхшаш янгилик

Янгиликдаги изоҳлар

Ҳурматли фойдаланувчи, Сиз сайтимиздан рўйхатдан ўтмаганмисиз.
Унда марҳамат Рўйхатдан ўтинг.

Ўзингизнинг изоҳингизни қолдиринг:

Ижтимоий тармоқлар

  • Фэйсбук
  • Твиттер
  • Телеграм
  • Сайт материалларидан фойдаланилганда WWW.PDH.UZ манбаи курсатилиши шарт.

    Тезкор алоқа

  • Админ билан алоқа телеграм

    Журналистлар

    Манзилимиз

    Самарқанд вилояти
    Паст Дарғом тумани, Жума шаҳри,
    Амир Темур кўчаси, 50-уй.

    Телефон : ( 8366 ) 465-12-56