Бош Сахифа » Жамият ва ҳаёт » АЖДОДЛАРИ ЭЪЗОЗЛАНГАН ЮРТ

 
 
 

АЖДОДЛАРИ ЭЪЗОЗЛАНГАН ЮРТ

Муаллиф: Admin дан 11-01-2018, 11:53, курилди: 42

0
АЖДОДЛАРИ ЭЪЗОЗЛАНГАН ЮРТ
Паст Дарғом юртимизнинг энг кўҳна гўшаларидан бири бўлиб, номи Дар-ғом канали билан узвий боғлиқ ҳисобланади. Тарихий манбаларда Дарғом канали милоддан аввалги V-IV асрларда қазилганлиги қайд этилган. Птоломей тузган харитада (II аср) Дарғом канали "Дарғоманий" деб келтирилган. Сосонийлар даври (III-VII аср) "Бундихешт" диний китобида "Дарғамон" номи билан тилга олинган. У Зарафшон дарёсидан бошланиб, унинг бош тўғони Работхўжа қишлоғи яқинида жойлашган. Каналнинг асосий ўзани Қарши чўлигача давом этиб, Қорадарё-га бориб туташади. Фактлардан кўриниб турибдики, Дарғом дарёси қадимдан мавжуд бўлган. Худди шу фактни Мирзо Бобурнинг "Бобурнома" асарида ҳам учратамиз:АЖДОДЛАРИ ЭЪЗОЗЛАНГАН ЮРТ
"Бу Руд Мунинг тубидан оққан учун Кухак суви дерлар. Бу сувдин бир улуғ Рўд айириб турилар. Балки дарёчадур, Дарғом суви дерлар".
Асарда "Дарғом" сўзи ҳамиша "Дарғам" шаклида ёзилган. Кейинчалик "Дарғом" атоқли отга ўтиб, жой номини англата бошлаган. Шу канал оқиб ўтган ҳудуднинг қуйи қисмини Паст Дарғом тумани ташкил қилади. Туман каналнинг қуйи, пастки қисмида жойлашгани учун "Дарғом" сўзининг олдига "паст" сўзини қўйиш билан туманимиз жуғрофий номи пайдо бўлган.
Дарғом канали Зарафшон дарёсининг пастки қисмида жойлашган. "Дарғом" сўзининг маъноси қуйидагича изоҳланган: "Дарғом" сўзи - "дарё" сўзи билан маънодош бўлиб, тилнинг кейинги тараққиёт босқичларида фонетик ўзгаришлар, хусусан, иккинчи унсур "об" сўзидаги - "б" товуши "м"га ўтганлиги туфайли турлича морфологик таркибга эга бўлиб қолади. Сўзнинг иккинчи хил этимони "Дарғом" сўзидан форс-тожикча бирикма дарға-об бўлиб, дарға - бошлиқ, йўлбошчи, қабила ёки уруғ оқсоқоли, ижтимоий гуруҳ раҳбарлари деган маънони ҳам англатади. Иккинчидан, "Дарғом" бош сув, катта сув йўлидир. АЖДОДЛАРИ ЭЪЗОЗЛАНГАН ЮРТ
Туман Самарқанд вилоятининг жанубий қисмида жойлашган бўлиб, умумий ер майдони 0,87 минг квадрат километрдан иборат. Туман релъефи ясси текислик, жанубий-ғарбий қисми чала чўллар ва қиши илиқ, континентал иқлим ҳисобланади.
Туман шарқдан Самарқанд шаҳри ва Самарқанд тумани, ғарб томондан эса Каттақўрғон ва Нуробод туманлари, шимол томондан Зарафшон дарёси бўйлаб жойлашган Оқдарё ва Иштихон туманлари, жануб томондан эса Зарафшон тизма тоғлари ва унинг адирлари бўйлаб ўрин эгаллаган Нуробод тумани билан чегарадошдир. Туманда ҳозирги кунда 350 мингдан ортиқ аҳоли яшайди. Айни пайтда, 24 миллат вакилларидан иборат аҳоли 106 та маҳаллада тинч-тотув, осуда ҳаёт кечиришмоқда. Туманнинг қишлоқ хўжалигида фойдаланадиган ер майдони 147037 гектардан ортиқроқ. Туман чегарасидан Тошкент-Бухоро автомобиль йўли ва Тошкент-Красноводский, Тошкент-Насаф темир йўллари турли хилдаги юкларни ташиш ва фуқароларни манзилга етказиш учун хизмат қилади. Бу эса ижтимоий-иқтисодий ривожланиш учун қулай имкониятдир.
Паст Дарғом ҳудудида жойлашган 150 га яқин тарихий қўрғон, тепаликлар ва масжидлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 декабридаги "Тарихий, бадиий ёки ўзга маданий қимматлиги туфайли гаров ва ипотека қўлланилиши мумкин бўлмаган объектлар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори билан рўйхатга киритилган. Бу ўлкада замонасининг машҳур кишиларидан Имом Алқама қадамжоси, Яссавия тариқатининг йирик намоёндаларидан бири Ифтихор шайх, Нажмиддин Ота, Мавлоно Ошиқ (Мир Неъматуллоҳ), Кўктош Ота каби ўнлаб зиёратгоҳлар ўрин олган.АЖДОДЛАРИ ЭЪЗОЗЛАНГАН ЮРТ
Шулардан бири Дарғом ва Эски Анҳор каналлари ирмоқлари ёқасида жойлашган Дўрмонтепа ёдгорлигидир. Шаҳар типидаги бу ёдгорлик V-IV асрларда вужудга келган. Бу тепаликда ўзбек уруғларидан бири Дўрмон қабиласи яшаганлиги учун тепалик халқ тилида Дўрмонтепа дейилган. XX асрнинг 70-80 йилларида олиб борилган археологик қазилма ишлари натижасида топилган ноёб буюмлар Россиянинг Эрмитаж музейига олиб кетилган.
Ўрни келганда шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, қадимда Паст Дарғом ҳудудидан қадимда Буюк Ипак йўли ўтган. Натижада савдо-сотиқни юргизиш учун бирмунча имкониятлар туғилган. Ҳозирги Дўрмонтепа ва Торариқ қишлоқлари ўртасида катта Дўрмонтепа мавжуд бўлган. Бу тепалик ўз даврида савдо маркази вазифасини бажарган. Ўз даври учун йирик шаҳар ҳисобланган 25 гектарлик майдонга эга Шаҳристон қолдиқлари пастдарғомликларнинг азалдан омилкор деҳқон, тажрибали чорвадор ва тенгсиз ҳунарманд бўлганликларини исботлайди.
Қадамжолардан Ошиқ Ота мақбараси диққатга сазовордир. У Зарафшон дарёсининг ўнг қирғоғидаги кўҳна қабристонлардан бири ҳисобланади. Бу мақбара ёнида Абу Мўмин шайх (вафоти ҳижрий 1117 йил), Амир Ҳайдар ибн Амир Муҳаммад Хуросоний (вафоти ҳижрий 958 йил) куфий хатида ёзилган қабртошлари сақланган. Самарқанд давлат музей қўриқхонаси қўлёзмалар фондида сақланаётган "Самарқанд авлиёлари қабри" қўлёзма рўйхатида бу зот Ошиқ Атойи машҳур номи билан келтирилган.
Яна бир қадимий тарихга эга Нажмиддин ота ёдгорлиги Гумбаз қишлоғида жойлашган. У ерда 15 та XV-XVI асрларга тегишли қабртошлар сақланиб қолган. 84 ёшли Абдушукур бобонинг айтишича, Мирзо Бобур ва Шайбонийхон ўртасидаги жангда вафот этганлар шу ерга дафн этилган. Қабртошларда Муҳаммад Али Новвой (975 1567 йил), Бек султон ибн Аҳатқули, Қаҳҳор ибн Байрам Сўфи (934 1527 йил) номлари келтирилган. Айрим тошлар емирилиб, ёзувлар яхши сақланмаган.
Тарихчи Абу Тоҳирхўжа (1800-1874) ўзининг "Самария" асарида Зормон қишлоғида Ифтихор шайх мозори бор, деб ёзган. Зиёратгоҳ мақбарасида қабртош бўлиб, унда Амир Исмоил ибн Нақиб ибн Сулаймон Самарқандий исми ёзилган. Муҳаммад ибн Мусо аз-Зормоний шу қишлоқдан бўлиб, ҳадислар ривоят қилган. С.Мустафоевнинг "Хатирчилик табаррук сиймолар" асарида Зормон қишлоғида Муҳаммад ибн Наср ал-Қамаржий ас-Суғдий бу кишидан ҳадис ёзиб олгани келтирилган.
Яна бир Имомота (1244/1828) мозори ёдгорлиги Шомбулоқ маҳалласига яқин жойда жойлашган. Бундан ташқари у ерда Ҳусайн ибн Амир Ҳасан (840/1437), Неъматилло ибн Мавлоно (851/1447), Султон Анвар (840/1437), Соҳиббой ибн Ҳайитбой (1276/1859) қабртошлари мавжуд.
Кўктошота ёдгорлиги Ертешар маҳалласида бўлиб, Боязид ибн Идрис (821/1418) ва Хожа Берди ибн Хожа (820/1417) қабртошлари бор. Афсуски, юқорида номи келтирилган шахслар ҳақида маълумотлар тўлиқ сақланмаган.
Тарих гувоҳки, туман ҳудудидаги Хончорбоғ, Санчиқултепа, Учтепа, Кўча Малик, Лайлақўйтепа, Қўйтепа каби ёдгорликлар антик давр ва ундан кейинги вақтларда йирик аҳоли манзилгоҳлари ва давлатчиликнинг илк шакллари мавжуд бўлганини билдиради.
Мустақиллик йилларида бундай тарихий ёдгорликлар ва қадамжолар таъмирланиб, зиёратгоҳларга айлатирила бошланди.
Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, Туркистон губернаторлиги, Бухоро амирлиги таркибига кирган Самарқанд ўлкасининг қуйи қисмида жойлашган Паст Дарғом ҳудудининг қиёфаси ўтмишда ачинарли эди. Заҳматкаш халқ кучи билан яратилган шаҳар, қишлоқлар четдан келган босқинчилар ҳужуми оқибатида вайрон бўлар, култепага айланар, қақраб ётган ерларга сув чиқариш умидида қазилган ариқлар, каналлар кўмилиб қолган. Маълумотларга қараганда, IV-VI асрда ҳозирги 100-автокорхона ёнидаги тепаликда қўрғон бўлган. VI аср охирларида турклар истилоси билан қўрғон вайрон қилинган. Йиллар ўтиши билан қалъа яна қайта тикланган. Қалъа деворининг қалинлиги 4,3 метр бўлиб, атрофдаги қишлоқларнинг масофаси 6 километрни ташкил этган. VII асрга келиб, араблар истилоси туфайли қалъа яна вайрон қилинган.
Қадимдан бу ҳудуддаги бепоён яйловлар, унумдор тупроқ чорвадор ва деҳқонлар эътиборини тортган ва уларнинг бу ерда ўтроқ қўним топишларида катта имконият бўлган. Жумладан, милоднинг V асрида қурилган минтақадаги энг йирик ирригация иншооти бўлган Дарғом канали боболаримизнинг матонати, бунёдкорлиги тимсолидир. Археологик тадқиқотлар Бақироқтепа, Белтепа, Қалъатепа каби гўшалар қадимдан Буюк Ипак йўлида жойлашган йирик ҳунармандчилик ва савдо марказлари бўлганлигини исботлайди. 1888-1896 йилларда Паст Дар¬ғом тумани ҳудудидан Самарқанд-Когон темирйўл тармоғи ўтади. XX аср бошларида тумандаги барча қишлоқларда катта-кичик масжидлар бўлган. Масжидлар қошида ташкил этилган мактабларда болалар сабоқ олишган. Мустабид тузум даврига келиб ҳудуддаги барча масжид, қадамжолар хароб қилинган. Манбаларда таъкидланишича, Эски Анҳор каналининг ҳокимликлар ҳукмронлиги даврида бошланган ишлари ниҳоясига етказилмаган. Натижада канал сув юзини кўрмай, кўмилиб кетган. 1920 йиллардан олдин эса Паст Дарғом воҳасининг кўпчилик қисми қақраган чўл, ботқоқлик, чангалзорлардан иборат бўлган. Экин экиладиган ерлар асосан, ҳозирги Янгиобод маҳалласи, Олмазор, Тўқбой, Катта Найман маҳалла фуқаролар йиғини пастки қисми, Гўзалкент ҳудудидаги "Қултон" қишлоғигача бўлган масофани ўз ичига олган, холос. Бу ерлар рус чиновниклари ва маҳаллий бойлар қўлида мулк ҳисобланган.АЖДОДЛАРИ ЭЪЗОЗЛАНГАН ЮРТ
1926 йил 29 сентябрь Паст Дарғом туманининг ташкил этилган куни сифатида тарихга кирди. Сарибош, Гулакандоз, Пўлатчи, Довул, Болатош, Димишқибола қиш¬лоқ кенгашлари ҳам ўша даврда тузилган.
Чунончи, 1929 йилда туманнинг номи ўзгариб 1938 йилда қайта тикланган. 1959 йилда Паст Дарғом ва Чархин туманлари қайтадан бирлаштирилди. (Паст Дарғом туманидан Чархин тумани 1950 йил май ойида ажратилган эди).
Ўтган асрнинг 70 йили давомида Паст Дарғомнинг асл фарзандлари қатағон қурбонларига айланган, иккинчи жаҳон урушининг энг залворли юкини кўтарган, "пахта иши", "ўзбек иши" сингари тамғалар остида жабр-зулмларга дучор қилинган. Қишлоқ хўжалигидан ташқари, бирор соҳада кескин ўзгаришлар, яратиш, бунёдкорлик ишлари кўзга ташланмайди. Саноатни ривожлантиришга умуман эътибор қаратилмаган.
Республикамиз мустақилликка эришгандан сўнг, ташкилотлар ва хўжаликлар иқтисодий жиҳатдан аҳволини яхшилашга биринчи галдаги вазифа сифатида қаралди. Миллий қадриятларимиз қайта тикланди. Айни кунда 20 та жомъе масжидлари реконструкция қилинди ва қайта қурилди. Қадамжо ҳамда зиёратгоҳлар ободонлаштирилди. Имом ота, Ошиқ ота сингари қадамжолар зиёратчилар билан доим гавжум.
Мустақиллик йилларида Паст Дарғомда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Туманнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти тобора юксалиб бормоқда. Муқаддам иккитагина саноат корхонаси бўлган туманнинг бугун 250 га яқин халқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришга киришган корхоналари мавжуд. 7 та салоҳиятли қўшма корхоналар фаолият юритмоқда. Ижтимоий соҳада мавжуд 124 та мактаб биноларининг аксарияти замон талаблари асосида қайта қурилди. Спорт заллари барпо этилди. Тиббиёт муассасалари замон талаблари даражасида қайта реконструкция қилиниб, энг сўнгги тиббиёт асбоб-ускуналари билан жиҳозланди. Бугун Паст Дарғомнинг қишлоғу кўчаларининг таровати бошқача. Кейинги йилларда замонавий 3 та бозор, аҳолининг маданий-маърифий дам олишлари учун 2 та муҳташам боғ барпо этилди. Деярли ҳар йили қад ростлаётган ўнлаб ижтимоий объектлар фойдаланишга топширилмоқда.
Паст Дарғом тумани республикамизнинг энг салоҳиятли ва саноатлашган туманларидан бирига айлана бошлади.
Шарифжон САХАТОВ,
Бахтиёр ШУКУРОВ.

Йўналиш: Жамият ва ҳаёт

Ҳурмтли меҳмон, Сиз ҳали руйхатдан утмагансиз.
Сиз малумот қолдиришингиз учун Рўйхатдан утиш лозим.