Бош Сахифа » Жамият ва ҳаёт » НОАНЪАНАВИЙ "УРФ"ДАН ҚАЧОН ВОЗ КЕЧАМИЗ?

 
 
 

НОАНЪАНАВИЙ "УРФ"ДАН ҚАЧОН ВОЗ КЕЧАМИЗ?

Муаллиф: Admin дан 29-12-2017, 11:12, курилди: 20

0
НОАНЪАНАВИЙ "УРФ"ДАН ҚАЧОН ВОЗ КЕЧАМИЗ?

"Ота-оналарга байрам дастурхони учун 60-70 минг сўмдан тўғри келаркан. Бундан ташқари, қизлар учун адрас матодан куйлак, ўғил болаларга костюм-шим тиктириш ота-оналарнинг зиммасида экан".
1-синф ўқувчилари ўқийдиган синфхонадан чиқаётган ота-оналарнинг юқоридаги гаплари диққатимни тортди. "Саводхонлик байрами"га тайёргарлик борасида фарзандлари 1-синфда таълим оладиган ота-оналар йиғилишидан чиқаётган таниш онахонлардан бирини суҳбатга чорладим.
- Набирангизнинг ўқишидан хабар олгани келдингизми? - дедим салом бергач.
- Қайда, у ҳақда гап бўлмади. "Алифбе" байрами муаммоси… Фалончи сўмдан «йиға-йиғ»лар нимага керак ўзи? Чиройли, тўла-тўкис дастурхон бўлиши керак эмиш… Нима қилай, неварам ўксимасин деб рози бўлдим. Аммо шароитимиз ночор.
Дарвоқе, сўнгги пайтларда "Алифбе" тантаналари болаларнинг эмас, уларнинг ота-оналари байрамига айланиб бораётгани ҳақида матбуот саҳифалари, радио, телевидение экранларида бот-бот уқтириб ўтилаётганига қарамай, ҳанузгача бу "урф"дан баъзи таълим муассасалари воз кечолмаётгани ҳам сир эмас. Суҳбатлардан бирида ўқувчилар синф раҳбарига "фалон" сўмдан йиғиб, тилла сирға олиб берганини эшитган эдим. Юқорида онахоннинг ўксинишича бор. Эндигина ҳарфни таниган боланинг олдида "йиға-йиғ"лардан "таълим" берилса, эртага унинг хаёлида қандай йўл билан бўлса-да, пул топиш муаммоси айланиб қолмайдими? Ахир, тадбир боланики. Шундай экан, уни синфхонасида ташкил этишнинг иложи бор-ку. Ота-онанинг тадбир иштирокчисига айланиб, боласининг олган саводидан фахрланишининг ўзи бахт эмасми? Битта тантанани деб неча-неча оилаларда келишмовчиликлар, жанжалу кўз ёшлар бўлишини наҳотки ҳеч ким ўйлаб кўрмайди? Байрам учун сарфланадиган харжга ўз фарзандига китоб сотиб олиб беролган ота-она дилбанди тимсолида келажакда комил, билимдон, ўз оиласи, Ватани учун қайғура оладиган инсонни кўриши тайин-ку.

Аббос ШОДМОНҚУЛОВ.

Йўналиш: Жамият ва ҳаёт

Ҳурмтли меҳмон, Сиз ҳали руйхатдан утмагансиз.
Сиз малумот қолдиришингиз учун Рўйхатдан утиш лозим.