Бош Сахифа » Жамият ва ҳаёт » ГУЛИСТОННИНГ БИР ХОНАДОНИ

 
 
 

ГУЛИСТОННИНГ БИР ХОНАДОНИ

Муаллиф: Admin дан 1-12-2017, 11:15, курилди: 14

0
ГУЛИСТОННИНГ
БИР ХОНАДОНИ

Туман марказидан анча олисдаги Гулистон маҳалласида 2500 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилишади.
- Маҳалла аҳлининг яшаш шароити йилдан йил фаровон, - дейди Гулистон маҳалласи маслаҳатчиси Саноат Мустофоева. - Кимдир деҳқончиликни яна бошқаси чорвани, тадбиркорликни ортидан баланд-баланд иморатлар қуриб, замонавий машиналар олишяпти. Масалан, уста дурадгор Сайфиддин Рўзиев қўлидаги ҳунари билан эл оғзига тушган. Қишлоқдошларни, қолаверса қўшни маҳалладаги ҳар бир хонадонда у ясаган мебеллардан бор. Турмуш ўртоғи Рисолат Раҳмонова ҳам чевар-тикувчи. Чопон, кўрпа-кўрпача дейсизми барчасини кўнглингиздагидан зиёда тикиб, тайёрлайди. Қўни-қўшни, маҳалла-куйдаги келинларнинг аксариятини тахминидаги кўрпалар Рисолатхоннинг қўлидан ўтган десак адашмаймиз. ГУЛИСТОННИНГ БИР ХОНАДОНИ
Қулоқ билан эшитгандан кўз билан кўрган яхши дея, маслаҳатчи опа ҳамда маҳалла котибаси Раъно Турсунова билан биргаликда Сайфиддин аканинг хонадонига бордик. Дарвозада кутиб олган хонадон соҳибаси салом-аликдан сўнг очиқ чеҳралик билан ичкарига таклиф қилди. Ҳовлига кирганимизда қулоқларни қоматга келтираётган дастгоҳнинг овозидан билдикки, устахонада иш қизғин. Тоза-озода ҳовли турида буюртма асосида ясалган бир-биридан чиройли мебеллар. Уларни кўздан кечирар эканмиз ҳақиқатдан ҳам Сайфиддин аканинг "қўли гул" эканига амин бўлдик.
- Ёшлигимдан дурадгорликка қизиққанман, - дейди С.Рўзиев. - 5-6-синфлигимда ёғочдан қушларга жуда чиройли уялар ясардим. Тошкентдаги тугатиб, қурувчи устачилик билан шуғулландим. Киши қайси касб¬га меҳр қўйса, ўшандан барака топар экан. Ишимдан одамларнинг кўнгли тўлса керак-да, буюртмаларим кўп. Бировнинг томини шефирласам, бошқаси эшик-ром буюртма қилади. "Иш қуролинг соз бўлса, машаққатинг оз бўлар" деганларидек кичик устахонамда 3 та стационар, 7-8 та қўл дастгоҳлари бор. Меҳнатимиз ортидан дастурхонимиз тўкин, рўзғоримиз бут. 5 фарзандни Рисолатхон иккимиз тарбиялаб вояга етказдик. Икки қизимни олий маълумотли қилиб, турмушга узатдим. Ўғлим Элнурбек олий ўқув юрти талабаси. Кичик қизим ҳам бу йил ўқишга топширмоқчи. Кенжа фарзандимиз Билолиддин мактаб ўқувчиси. Дарсдан бўш вақтлари менга ёрдамчи. Моҳирона ҳаракатларига қараганда, у менга издош бўлса керак деб ўйлайман.ГУЛИСТОННИНГ БИР ХОНАДОНИ
- Маҳалламиз бир-биридан узоқ жойлашган Боғишамол ҳамда Қоқча қишлоқларидан иборат, - дея суҳбатни давом эттирди Раъно Турсунова. - Ҳудуд имом-хатиби Абдусаттор Мусурмонов, профилактика нозири ўолиб Мирзаев, фаолларимиз Шариф Равшанов, Суннат Сувонов, Эштурсин Нуриллаевлар билан ватан ичидаги кичик ватан бўлган маҳалла тинчлиги, ободлиги ва халқимизни аҳил, фаровон яшашларида йўлида ҳамкорликда иш олиб бораяпмиз. Шунингдек, бу борада нуронийлар ҳамда ёшлар билан ишлаш жамоатчилик кенгашларининг раислари Эркин Қорбонов, Илҳом Фозиловларнинг ҳам хизматлари катта. Қайнона-келин муносабатларидаги муаммоларда "Қайноналар кенгаши" аъзолари Бибиойша Қозоқова, Норсулув Йўлдошева, Қал¬моқ Зокирова каби онахонлар маслаҳатига суянамиз. Ҳаётий тажрибага эга бу онахонларнинг 5-6 нафардан келинлари бор. Улар келинлар билан муроса бобида бошқаларга ўрнак. Бибиойша момонинг 5 келини бор. У доимо қайноналар билан суҳбатларда "Келин ёш новда мисоли, уни қаёққа эгсанг ўша томонга қараб ўсади. Билмаганни яхши гап билан ўргатиш, камчилигини яшириш, мақтовини ошириш вазифамиз" дея насиҳат қилади. Хуллас, маҳалламизда ажралиш, эрта турмуш қуриш каби салбий ҳолатларнинг ўз вақтида олдини олаяпмиз. Дарҳақиқат ечимини кутаётган муаммоларимиз ҳам йўқ эмас. Боғишамол қишлоғидаги 164 та хонадонда табиий газ йўқ. Бу ҳақда мутасадди идораларга мурожаат ҳам қилганмиз. Аммо масалага ойдинлик киритилмаяпти.
Маҳалла маслаҳатчиси ва котибаси билан бир нечта хонадонларда бўлиб уларнинг яшаш тарзи, яратувчанлиги билан танишиб, суҳбатлашдик. Кўчалар ободлиги, хонадонлар саришталигига ҳавасимиз келди. Катта таассуротлар билан қайтар эканмиз табиий газ муаммосини мутасадди раҳбарлар ҳукмига яна бир бор ҳавола этишни мақсад қилдик.

Гулжаҳон МУСТОФОЕВА,
Гулпошша
ЭШҚОБИЛОВА.

Йўналиш: Жамият ва ҳаёт

Ҳурмтли меҳмон, Сиз ҳали руйхатдан утмагансиз.
Сиз малумот қолдиришингиз учун Рўйхатдан утиш лозим.