Бош Сахифа » Жамият ва ҳаёт » ЖИНОЯТ СОДИР ЭТИЛДИ

 
 
 

ЖИНОЯТ СОДИР ЭТИЛДИ

Муаллиф: Admin дан 1-12-2017, 11:03, курилди: 15

0
ЖИНОЯТ СОДИР ЭТИЛДИ
бу ҳамкорлик йўқлигидан
Тиббиёт коллежида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган чора тадбирларни амалга оширишнинг аҳволи ҳақидаги масала муҳокама қилинди. Тумандаги барча маҳаллалар фаоллари, профилактика инспекторлари иштирокида бу борадаги профилактик тадбирлар таъсири қандай натижа бераётгани таҳлилларда ойдинлашди.
- Очиқ тан олишимиз зарур. Жорий йил ўн ой мобайнида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан умумий жиноятлар сони 15 тага ошган. Қотиллик, босқинчилик, фирибгарлик, талончилик каби жиноят турлари кескин кўпайгани профилактик тадбирлар таъсирчанлиги йўқлигини кўрсатмоқда. Йилнинг шу даврига қадар туман ҳудудида 90 та ўғирлик содир этилган. Шундан 50 таси ҳанузгача очилмаган. Маҳаллаларнинг 98 тасида 5 тадан 22 тагача жиноят содир этилган. Қатортерак, Тўқбой, Бўстон, Илм, Чортут, Шомбулоқ маҳаллаларида турли жиноятлар ортгани ҳудудда маҳалла фаоллари ва профилактика инспектори ҳамкорлиги йўлга қўйилмаганлигидан далолатдир, - деди ИИБ бошлиғи И.Қодиров.
- Ҳудудда муттасил жиноят содир этилаётган маҳалла раиси, профилактика инспекторлари ўз вазифаларига лойиқми, деган ҳақли савол туғилади, - деди «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси раиси Н.Алиев. - "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастури доирасида белгиланган режага кўра, ҳар бир маҳалла раиси, профилактика инспекторлари хонадонларга кириб, юзма-юз мулоқотлар олиб боришлари, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг туб илдизи бўлган бекорчиликка барҳам беришлари, ишга жалб этиш, кредитлар олиш, томорқа хўжалигини юритиш бўйича тушунтириш-тарғибот ишлари олиб боришлари зарур. Ҳисоботларга кўра, халқ билан мулоқотлар рисоладагидек амалга оширилган. Амалда-чи? Айрим маҳалла раислари қоғоз қоралаб хонадонларда бўлганликларини таъкидлашдан нарига ўтмаётганликлари яққол кўзга ташланмоқда. Бунга бир мисол Санчиқул маҳалла фуқаролар йиғинидаги бир хонадонда бўлган махсус хизмат ходимлари 50 туп гиёҳванд ўсимлик парваришланаётганлигини аниқлашди. Ҳовлининг анчагина қисмига экилган бу гиёҳвандлик ўсимлигини шу хонадонда бўлган маҳалла раиси, профилактика инспектори кўрмай қолиши мумкинмиди? Юқорида такидланганидек, айни пайтда 20 мингдан ортиқ туман фуқаролари хорижий давлатлардан қайтиб келаётганлар, жазони ўташ муассасаларидан озод қилинганлар томонидан такрор жиноят содир этилаётгани ҳам профилактик ишлари йўқлигидан, маҳалла ва профилактика инспекторининг ҳамкорлиги номигагина эканлигини кўрсатмоқда.
Муҳокамада жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш учун фидойи ёшларни тунги постларга жалб этиш зарурлиги айтиб ўтилди. Тунги соат 11 дан кейин савдо дўконлари, умум овқатланадиган масканлар қатъий тартибда ёпилиши назоратга олиниши керак. Жамоатчилик кенгаши йиғилишида ҳудуддаги тиббий муассасалар, мактаблар раҳбарлари, профилактика инспекторларининг ҳисоботлари эшитилиши зарур. Оддийгина "Жамоатчилик назорат маскани" ташкил этиш ҳақидаги ишлар ҳам охирига етказилмаган. Жиноят ёки ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларни жамоатчилик иштирокида муҳокама қилишдек таъсирчан чоралар кўрилмаётир. Бу каби камчиликлар жиноятчиликнинг илдиз отишига йўл очиб бераётгани равшан.
Бундай хунук оқибатлар қайд этилган ҳудуд оқсоқоли ва профилактика инспекторлар жамоатчилик олдида муҳокама қилинди. Келгусида ҳамкорликнинг таъсирчан чораларини кўриш белгиланди.

Отабек ЭРГАШЕВ.

Йўналиш: Жамият ва ҳаёт

Ҳурмтли меҳмон, Сиз ҳали руйхатдан утмагансиз.
Сиз малумот қолдиришингиз учун Рўйхатдан утиш лозим.