» » ЧИМБОЙ НОМИ қачон пайдо бўлган?

ЖАМИЯТ ВА ХАЁТ

ЧИМБОЙ НОМИ қачон пайдо бўлган?

"Чимбой" номининг келиб чиқиши ҳақида ривоятни шу қишлоқлик Отақул Ҳусановга онаси айтиб берган экан.
Қадим замонда бу қишлоқ одамлари бой бўлишган экан. Улар чорвачилик билан шуғулланишар, қўй, қорамол, от ва туялари дала-даштга сиғмас, чорванинг "тили"ни яхши билишгани учун улар кўпайгандан кўпаяркан.
Дарёнинг нариги тарафида эса хон яшаркан. Унинг Аллоҳдан тилаб олган якка-ю ёлғиз қизи бўлиб, ҳусну латофатда танҳо эди. Ўғил болалар сингари жасур ва ботир бўлиб ўсган қизни ота-онаси еру кўкка ишонмас, атрофига қўриқчилар қўйишибди. Ов қилиш, камондан ўқ отиш, югуриш ва кўпкариларда қатнашганда у йигитча кийиниб, хон қизи эканлигини ҳеч кимга сездирмай юраркан. Малика оддий, содда, меҳнаткаш, танти ва қалби пок инсонларни қадрлар экан.
Қорли-қировли кунлардан кейин далалар кўм-кўк либосга бурканган даврда Чимбойда бир тўй бўлибди. Ўша пайтларда бадавлат одамларнинг тўйлари қирқ кеча-ю қирқ кундуз давом этаркан. Қишлоқ аҳли бир жону бир тан бўлиб тўйда хизмат қилар, камбағал-бечоралар, етим-есирларга алоҳида мурувват кўрсатиларди. Тўйхонага келган ҳар бир меҳмон ёки мусофирга чин юракдан самимий илтифот қилинар, тўйнинг ўзи ҳам етти маҳаллага овоза қилиниб, меҳмон чорланаркан:
- Одамлару одамлар, тоғда битган бодомлар, эшитмадим деманглар, эшитганлар жилманглар. Эртадан бой бобоникига тўйга а-а-а!!!
Бой бобо тўйга деб аталган молларини келтириб сўяверибди, гўштларини хирмон-хирмон этиб бир томонга қўяверибди. Тўй бошланибди, карнай-сурнайлар садоси оламни тутибди. Одамлар дарё-дарё бўлиб келибди. Ўнлаб дошқозонларга дамланган ошлар дастурхонга тортилибди.
Таомилга кўра, ош сузилгандан сўнг меҳмонлар тўйнинг асосий қисми кўпкарига ўтишади. Унга чор-атрофдан атоқли полвонлар келишибди.
Улоқ чопиладиган дала ёнидаги тепалик одамларга лиқ тўлганда кўпкари бошланиб ўртага улоқ ташланибди. Билаги зўр полвонлар ўзларини тўдага уришибди. Ташланган бир пуд ё унданда вазминроқ улоқни белгиланган манзилга элтиб ташлаш учун оти илдам ва учқур, ўзи чаққон чавандозлар от сура бошлашибди. Сўнгги манзилга байроқча қадаб қўйилган. Бир зот айтишиб, ўртага катта сарка ташланганда тала-тўплардан икки чавандоз сургаклашиб ўртадан чиқибди. Иккови ҳам чаққон, бир-биридан қолишмас, отлари ҳам баҳс бойлашгандай елдек учаркан. Даврадан анча узоқлашган полвонлар ур-сурни писанд этмай от чоптирар, аёвсиз тортишаркан. Томошабинлар кўзи ўнгида бирдан мўъжиза рўй берибди. Улардан бирининг бошидаги телпаги учиб кетибди. Буни қарангки, эр йигит билан баб-баравар улоқ тортишиб келаётган ҳалиги телпаги учгани қиз бола экан. Мухлислар ҳайратда қолиб, ёқа ушлабди. Қизнинг ҳусну жамолини кўрган йигитнинг эса қўлидан солим чиқиб кетибди. Телпакка эътибор ҳам қилмаган қиз улоқни илиб, байроқни етти бора айланиб ерга ташлабди.
Томошабинлар ўртасида ғала-ғовур бошланибди: "Кўрдингми, қиз бола экан!", "Қиз бўлса ҳам йигитлардан зиёда экан-да", "Отасига раҳмат, қандай она туққан экан, бундай полвон қизни?!"
- Минган отини айтмайсанми, ўзиям роса тарбиялаган, жониворни. Йигитнинг ҳолини кўр. Бечора мулзам бўлиб қолди-ёв. Отини бўшатиб юбориб, бошини қўйи солиб ўтиришини қара.
- Танийсанми, йигитни?
- Йўқ, қаернинг полвони экан.
- Ўзимизнинг бойни тўнғич ўғли. Ҳали бирор марта улоқ олдирмаган мард полвон эди-да.
- Қиз полвонни эса дарёнинг нариги томонидан дейишаяпти, хоннинг қизи эмиш.
- Йўғе, хоннинг қизи эканми? Ўзи якка-ю ягона қиз фарзанди бор, деб эшитгандим, бало экан.
Йигит ўша кундан бошлаб уйдан чиқмай қўйибди. Бир томондан эл олдида мулзам бўлгани, иккинчидан, ўша қизга нигоҳи тушганда «жиз» этган юрагидаги оғриқ катта дардга айланибди. Ранги сўлиб, иштаҳаси йўқолиб, ҳолсизлана бошлаган ўғлининг аҳволидан хавотирга тушган бой табибларга кўрсатибди. Улар йигитнинг дардини аниқлай олишмабди. Бой оқсоқолларни тўплаб, маслаҳат солибди. Улар йигитни қаттиқ мулзамликдан ўйланавериб шу куйга тушган, дея бой бобога ўша қизни ўғлига олиб беришни маслаҳат беришибди.
- Сизлар нима деяётганингизни биласизми? - дебди бой бобо. - Тенг-тенги билан, тезак қопи билан, деганлар. Ахир мен киму, хон ким? Бизни назарга илармиди?...
- Бой бобо, бергандан ҳам бир сўра, бермагандан ҳам, деган гап бор.
Берса, хўп хўп, бермаса садқаи сар. Бизларнинг совчи бўлиб боришимиз ҳам сизга бир обрў. Бошқа бойлар хон билан тенглашипдими, бизлардан зўр экан, деб яна бир бор тан беришади. Аввали худо, насиб этса ишимиз битади.
- Бу ёғини ўзларингизга ташладим. Ишқилиб, эртага юзим ерга қараб қолмаса бўлгани.
Эртаси куни Янтоқзорнинг барча оқсоқоллари ясан-тусан қилиб дарёнинг нариги томонига йўл олишибди. Хон кексаларни ҳурмат қиларди. Янтоқзордан келган меҳмонларни ҳам илиқ қарши олди. Ташрифнинг боисини сўради. Оқсоқоллар муддаони айтгач, хон бирпас ўйга толди. Нима қилсин? Ёлғиз қизи бўлса, уни Қора Янтоқдаги бир бойга узатса, гап-сўз кўпаймасмикан?! Йўқ, деса кўпни кўрган мўйсафидларнинг раъйига қарши чиқиб, уларни норози қилиш ҳам бахт олиб келмас.
Хон ўз аъёнлари билан кенгашишга қарор қилибди.
- Бермас қизнинг қалини кўп бўлади. Сиз уларга дабдурустдан йўқ деманг-у, оғир, бажариб бўлмайдиган бир шарт қўйинг. Уддасидан чиқа олмай, ўзларидан кўриб кетаверишади - дейишибди улар.
Бу гап хонга маъқул тушибди. У аъёнлар шартини оқсоқолларга етказибди.
- Хўжангизнинг довруғи довонлар ошиб, Самарқанду Бухорога қадар етганини яхши биламиз. Сурув-сурув қўйлари, уюр-уюр йилқилари, пода-пода қорамоллари дала-қирга сиғмасмиш. Агар дунёдорлиги рост бўлса, говмишларининг бир кунлик сутини ўз овулидан оқизиб, қароргоҳимизгача етказсинда, мана бу ҳовузни тўлғазсин. Шартни бажара олса, у билан қуда-анда бўламан. Акс ҳолда умидини узаверсин.
Совчилар хоннинг шартини хўжаларига етказишибди. Бой учун мол жондан азизроқ, бироқ обрў-эътибор ундан-да улуғ. Боз устига ўғлининг хасталиги. Шарт бажарилса, фалончи бой хон билан қуда бўлибди, деган овоза етти иқлимга етади. Шунингдек, сарф этган харажатлар ўн ҳисса бўлиб қайтади. Башарти бажаролмаса... Хуллас, бой шартни бажаришга киришди. Юзлаб молларни сўйдириб, териларини пиширтиради. Мустаҳкам булғори чармлар қувур шаклида елимланиб, ўнларча чақирим бўлган хоннинг ўрдаси сари тортилади. Сўнг қувурлардан сут оқиза бошлайди. Маросимни томоша қилиш учун етти ёшдан етмиш ёшгача ҳамма кўчага чиққан. Хон сутнинг сарҳовузга тушишини мароқ билан кузатиб синчков кишиларни чақириб, сутга сув ёки бошқа суюқлик қўшилган-қўшилмаганлигини аниқлатади. Ўзи ҳам татиб кўрибди. Бой молларининг бир кунлик сути келади:
- Сут бордими? Ичдими хон?
Ўз ўрнидн жавоб қайтди:
- Сут келди, ҳовуз тўлди. Ичди хон.
Хон ҳам мазали сутдан татиб кўргач, лабини ялаб "Чин бой экан, шартни бажарди-е", дея тан беради.
Хуллас, икки томон қуда-анда киришишибди. Шу-шу бойнинг Қора Янтоқ овули Чинбой, хоннинг қишлоғи - Ичдихон (кейинчалик Иштихон) деб аталиб кетган экан.
Чинбой кейинчалик Чимбой тарзда ўзгариб кетган. С.Қораевнинг ёзишича, (Топонимика 2006 ). Чимбой-кўчманчи ўзбекларда уруғ номи. Гўзалкент қўрғони, Китоб, Бешариқ, Қува туманларида Чимбой қишлоқлари бор. Қорақалпоғистондаги Чимбой шаҳри Шинибой- Шимбой (ўзбекча талаффузда Чимбой) шу ерни обод қилган кишининг исми эмиш. Аслида бу ҳам этноним. (Топонимика 2006 ).
84 ёшли Қаҳҳор бобо Ороловнинг айтишича, Чимбой қишлоғида қадимда 3 та катта халқ яшаган экан. Булар қозоқлар, ўзбеклар, тожиклар. Бу қишлоққа энг биринчи қозоқлар кўчиб келишган. Улар ҳозирги зах ёнида кўприк атрофида (Қозоқмозор) яшашган. Кейинчалик сув узоқлик қилганлиги сабабли, ҳозирги Чимбой ҳудудига Зарафшон дарёси ёқасига кўчиб келишган. Зарафшон дарёси ёқасидаги ерларда ҳозирги балиқ ҳавзалари ўрнида деҳқончилик қилишган. Кейинчалик шу ердан бозор очилган. Қозоқлар асосан, чорвачилик билан шуғулланган.
Улардан кейин ўзбекларнинг чуйит уруғи келишган. С.Қураевнинг ёзишича, чуйит-ўзбеклар, кенагас қабиласи, қирғизларнинг басиз қабиласи таркибида қайд қилинган уруғ. Шаҳрисабз, Булунғур, Навоий, Навбаҳор туманларида чуйит қишлоқлари қайд қилинган. (Топонимика 2006) Чуйитлар асли келиб чиқиши Қашқадарёдан бўлган уруғлар бўлиб, ҳозирги Самарқанд-Каттақўрғон йўли ёқасида яшашган. Бозорга бориб келиб, қозоқлар билан танишиб қолиши натижасида чуйитлар ҳам сувдан қийналганлиги боис деҳқончилик қилиш мақсадида қозоқ уруғи ёнидаги сувли ерларга кўчиб келишган. Чуйитлар ва қозоқлар дарё ёқасида деҳқончилик қила бошлаган. Улар асосан, шоли экиш билан шуғулланган. Ўша пайтлар Чимбой гуручлари машҳур бўлган. Қозоқлар ва чуйитлар етиштирган гуручларни Бухорога олиб бориб сотишган.
Қозоқлар ва чуйитлар Бухоро бозорида гуручларини сотиши натижасида ҳунарманд тожиклар билан танишиши натижасида тожиклар ҳам Чимбой ҳудудига келиб қолишган.Булар ҳам икки хил уруғ бўлишган. Бухоролик ва Кармана (Навоий)дан келган уруғлар кўчиб келишган. Бу тожик уруғлари ҳунармандчилик билан шуғулланишган. Қадимда бу уруғлар тўлаларда яшашган. Қозоқлар қорауйда яшашган. Бу қора уйлар кегиздан ясалган.
Чуйитлар эса қирқтўлаларда яшашган. Бу уруғлар бир бири билан аралашиб кетиши натижасида Зарафшон дарёси тепасидаги даштларга кўчиб чиқишган. Қозоқлар бой уруғ бўлган. Чимбой аслида Чинбой бўлган. Қора янтоқ - бу уруғ номи. Бу ерларда қораянтоқ уруғи эмас, балки бу жойлар янтоқзор бўлганлиги сабабли янтоқзор деб аталган. Кейинчалик бу ҳудудлар ўзлаштирила бошлагач, янтоқзорлар йўқолиб кетган.
Ҳозирда қишлоқ аҳолиси 5 мингни қоралайди. 728 та хўжалик қайд этилган. 1046 оила истиқомат қилади.
Фирдавс ТУРСУНҚУЛОВ,
102-умумий ўрта таълим
мактабининг география фани ўқитувчиси.

скачать dle 11.3
Калит сўз

Ўхшаш янгилик

Янгиликдаги изоҳлар

Ҳурматли фойдаланувчи, Сиз сайтимиздан рўйхатдан ўтмаганмисиз.
Унда марҳамат Рўйхатдан ўтинг.

Ўзингизнинг изоҳингизни қолдиринг:

Ижтимоий тармоқлар

  • Фэйсбук
  • Твиттер
  • Телеграм
  • Сайт материалларидан фойдаланилганда WWW.PDH.UZ манбаи курсатилиши шарт.

    Тезкор алоқа

  • Админ билан алоқа телеграм

    Журналистлар

    Манзилимиз

    Самарқанд вилояти
    Паст Дарғом тумани, Жума шаҳри,
    Амир Темур кўчаси, 50-уй.

    Телефон : ( 8366 ) 465-12-56