Бош Сахифа » Жамият ва ҳаёт » РАҲБАРГА КИМ БАҲО ҚЎЯДИ?

 
 
 

РАҲБАРГА КИМ БАҲО ҚЎЯДИ?

Муаллиф: Admin дан 1-12-2017, 10:59, курилди: 10

0
РАҲБАРГА КИМ
БАҲО ҚЎЯДИ?
- Набирамни боғчага беришга иккиланиб турибман. Ота-онаси ишда, мен эса анча кексайиб қолдим. Уйимизнинг ёнида боғча бор, аммо шарт-шароитлари талабга жавоб бермайди. Касал бўлиб қолмасин, деб қўрқаман, - деди " Гулистон" маҳалласилик онахонлардан бири.
Онахоннинг гапидан сўнг биз ҳам маҳалла марказида жойлашган 53-мактабгача таълим муассасаси филиали фаолияти билан қизиқдик.
Муассаса биноси эски, таъмирталаб. Бино ичкарисига кириб боришимиз билан ҳайратимиз ошгандан ошиб бораверди. Катта хонада чанг тўзонни "осмону фалак"ка кўтариб, 10-12 чоғли турли ёшдаги уст-боши кир-чир кичкинтойлар билган ўйинларини ўйнашаяпти.
Хона ниҳоятда тартибсизлигидан қаерга оёқ босишни ҳам билмайсиз. "Ростдан бу болалар боғчасими?" деган савол миямизда чарх ура бошлади.
- Болалар ёшига қараб гуруҳларга бўлинмайдими?
- Аслида тарбияланувчилари билан икки гуруҳда шуғулланишимиз керак. Ҳар бир гуруҳда 20 нафардан бола бўлиши лозим. Ҳозирда бола камлиги учун 12 нафар турли ёшдаги болалар битта гуруҳда тарбияланаяпти, - деди тарбиячи Нилуфар Бердиқулова.
Энг ачинарлиси, ушбу масканда тарбияланаётган "келажагимиз эгалари"нинг уст-боши, юз-қўллари нотозалигини кўриб, ҳамширани суриштирдик. Афсуски, "соғлик элчиси"ни муассасада учрата олмадик. Овқатланадиган жойга масъул Раҳима Қўчқорова бошқарувидаги барча ходимлардан ҳафсаламиз пир бўлди. Ошхонадаги тартибсизлик, ифлосликни кўриб, сўз топа олмай қолдик. Санитария-гигиена талаблари тўғрисида гапирганимизда, ошпаз Истат Ҳасанова эндигина ишга чиққанини, халати уйда қолиб кетганини айтди. Таомнома ҳақида сўраганимизда, "У нарса бизда йўқ, борини қилаверамиз", деди. Қиш мавсуми эшик қоқаётгани ҳам ҳеч кимнинг ёдида йўқ шекилли, ҳатто хоналарга печка ҳам ўрнатилмаган. "Хона совуқ эмас-ку", деб қўяди "боғча опа". Бола тарбияси, дунёқараши, онги шаклланишида муҳим восита сифатида хизмат қиладиган ёшга доир китоб ёки кўргазмалар ҳам топилмади. Дарвоқе, Президентимизнинг 2017 йил 9 сентябрдаги "Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида ёш авлод тарбиясида мактабгача таълимнинг аҳамияти, уларга зарур шарт-шароитлар яратиш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, озиқ-овқат захираларини яратиш тўғрисида алоҳида уқтириб ўтилган. Муассаса фаолиятида мазкур қарор ижросига доир оддий тозалик ҳақида ҳам ҳеч ким ҳали ўйлаб кўрмаган.
- Туман молия бўлими томонидан болаларга тўланадиган бадаллар 110 сўм миқдорда белгиланган, 2 та гуруҳда 40 нафар бола қайд этилган, - деди иш бошқарувчи. РАҲБАРГА КИМ БАҲО ҚЎЯДИ?
Бу ҳолатдаги муассасага қайси ота-она ўз фарзандини ишониб топширади? Юқорида таъкидлаб ўтилган онахоннинг куюниши бежиз эмаслигини муассаса фаолиятини ўргангач, яна бир ҳис этдик.
Боғчадан узоқ бўлмаган 113- умумтаълим мактабида дарслар жараёни, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари билан ҳам танишдик. РАҲБАРГА КИМ БАҲО ҚЎЯДИ?
- 8 та синфхона бор, - деди мактаб директори Юлдуз Эркаева. - Шу пайтгача 12 тонна кўмир олдик. Режа бўйича яна 10 тонна кўмир берилиши керак. 2 та умумий иситиш қозонхонаси орқали синфхоналар иситилаяпти.
Бу гапдан сўнг кўмирнинг аҳволи билан қизиқдик. Фақат кукундан иборат.
Бунинг сабабини сўраганимизда, "Берганини олдик", - деди мактаб раҳбари.
Мактабдаги таълим-тарбия ва меъёрий ҳужжатлар юритилиши билан танишдек.
7-синф журналида 10 нафар ўқувчининг исм-фамилияси қайд этилган (синф раҳбари Ш.Равшанов). Журнални варақлар эканмиз, "Ўзбекистон тарихи" фанидан ўқитувчи Ф.Қурбонов 10 ноябрдан бери, физикадан С.Тош
қувватов ойнинг бошидан, жисмоний тарбиядан Ш.Тўраев, меҳнат таълимидан К.Жуманова, 5-синф журналида тасвирий санъат дарсидан Д.Бекназарова, "Ватан туйғуси"дан М.Туркмановалар ҳам ноябрь ойи ҳисобидан журналга мавзуларни ёзмаган, ўқувчилар билими баҳоланмаган. З.Раҳмонова раҳбарлик қилаётган синф журналига "Тарбиявий соат"га ажратилган 120-бетга ўқув йили бошланганидан буён бирор марта ҳам мавзулар қайд этилмаган. Бола тарбиявий соатда нима ўтилганини ҳам билмайди. Бу ҳолатда ёш авлод қалбига Ватан муқаддаслиги, қомусимиз ҳаётимиз кафолати эканини, озод ва обод юрт қадрини қандай сингдириш мумкин? Бундан ўқитувчи сентябрь ойидан шу пайтгача бир марта ҳам тарбиявий соат ўтмаган, деган хулосага келиш мумкин. Қизиғи, таълим муассасаси 2014 йилда 140 ўринга мўлжалланган ҳолда қайта қурилган. Ўқувчилар сони айни пайтда 155 нафарни ташкил этади. 23 нафар педагогик жамоа ёш авлодга таълим-тарбия бериб келаяпти. Бу , ҳар бир синфга 10-15 нафардан бола тўғри келаяпти, дегани. Шу ҳолатда ҳам бир кунда устозлар томонидан ҳар бир фандан 2-3 нафар ўқувчи баҳоланган. Дарс ўтишнинг илғор усулларидан кенг фойдаланиш имконияти бисёр бир пайтда бу аҳволни тўғри деб баҳолаб бўладими? Синф журналларида йўл қўйилган камчиликлар 286-бетда қайд этилмагани ҳам ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари, мактаб раҳбари ўз вазифаларини "унутиш"ганидан далолат.
Синф журнали-ку, бир кунда тўлдирилар. Ўқувчиларга "сахийлик" билан баҳолар қўйилиши ҳам тайин. "Боғча опа"лар ҳам ўз вазифаларини "бинойидек" қилиб улгуришар. Бу муассасаларга нега раҳбарият қадами етмаган. Бу даргоҳлардаги юқоридагидек ҳолатга ким баҳо қўяди?

Гулжаҳон МУСТАФОЕВА,
Гулпошша ЭШҚОБИЛОВА.

Йўналиш: Жамият ва ҳаёт

Ҳурмтли меҳмон, Сиз ҳали руйхатдан утмагансиз.
Сиз малумот қолдиришингиз учун Рўйхатдан утиш лозим.