Бош Сахифа » Жамият ва ҳаёт » ҚАТОРТЕРАКЛИК ФЕРМЕР

 
 
 

ҚАТОРТЕРАКЛИК ФЕРМЕР

Муаллиф: Admin дан 20-11-2017, 13:26, курилди: 42

0
ҚАТОРТЕРАКЛИК ФЕРМЕР
ерида барака унаяпти
Президентимизнинг 2017 йил 9 октябрдаги "Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони ҳамда 10 октябрдаги "Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ортиши, ҳар қарич ердан унумли фойдаланиш, тармоқларни кенгайтириш эвазига даромадни кўпайтириш имкониятларини ошириши билан аҳамиятли.
Қатортерак маҳалласилик Фарҳод Юсупов "Эски анҳор водийси" фермер хўжалигини бошқараётганига эндигина бир йил бўлди. Ёш фермер ихтиёридаги ернинг 25 гектарига ғалла, 20 гектарига чигит экиб парваришлади. Мавсумда ғалланинг ҳар гектаридан 50-55 центнердан сара дон йиғиштириб олди. Агротехник тадбирлар асосида паваришланган "Бухоро-102" навли ғўзадан эса ҳосилдорлик 40-45 центнерга етди.ҚАТОРТЕРАКЛИК ФЕРМЕР
- Бугун ишлаган фермер фақат ютади, элга ҳам нафи тегади, - дейди хўжалик раҳбари биз билан суҳбатда. - Тупроғи - олтин, суви - зар, иқлими - бебаҳо юртимизда қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил олиш имконияти катта. Буни ер билан тиллашиб, меҳнат қилган деҳқонлар жуда яхши англашади. Отам Хушмурод Юсупов қатор йиллар агроном бўлиб ишлаган. У киши деҳқончиликнинг сир-синоатлари - қайси экинни қай вақтда экиш, уни қандай парваришлашни ўргатишдан эринмайди. Дала юмушларида 9 нафар хўжалик аъзолари билан меҳнат қилдик. Натижа кутилганидан ҳам яхшироқ бўлди. ўалла, пахтага сарфланган харажатлардан ташқари даромад 80 миллион сўмни қоралади. Албатта, бу ютуққа эришишда Урол Тиркашев, Зоир Аллаёров, Ориф Юсупов сингари ишчи-механизаторларнинг хизмати катта. Шуни инобатга олган ҳолда хўжалик аъзоларига иш ҳақи ўрнида 3 тоннадан ғалла бердик. Бундан ташқари, ғалладан бўшаган майдонлардан уларнинг ҳар бирига 1,5 гектар такрорий экин экишлари учун ер ажратилди. Ловия, шолғом, сабзи, турп каби такрорий экинларни парваришлаган ишчиларнинг рўзғорларига бугун яна барака кирди. Ловиядан 4 тонна ҳосил олиб, 40-42 миллион, сабзавот экинларининг ҳар гектаридан 8-9 миллион сўм соф фойда олишга эришдик. Даромадлар ҳисобидан мавжуд 3 та техникани 4-5 тага кўпайтириш, балиқчиликни, чорвачиликни йўлга қўйиб, хўжаликни кўп тармоқли фермер хўжалигига айлантириш ниятидамиз. Ҳозир келгуси йил ҳосили учун октябрь ойининг бошида 1 гектар майдонга пиёз, 25 гектарга ғалла экиб парваришлаяпмиз. Бир текисда ўниб чиққан ғалла ниҳоллари эртанги ризқимиз мўл-кўл бўлишини англатмоқда.
Гули ПОШША,
Қиёмжон ЗИЁТОВ (фото).
Калит сўз: Ғаллачилик

Йўналиш: Жамият ва ҳаёт

Ҳурмтли меҳмон, Сиз ҳали руйхатдан утмагансиз.
Сиз малумот қолдиришингиз учун Рўйхатдан утиш лозим.