» » СИНГИЛНИНГ КАТТА ТЎЙИ ака-укага нима берди?

ЖАМИЯТ ВА ХАЁТ

СИНГИЛНИНГ КАТТА ТЎЙИ ака-укага нима берди?

Миллий қадриятларимиздан бири - тўй. Бобо-бувиларнинг "Топганинг тўйга буюрсин", "Тўй кўринглар, ғам кўрманглар", деб дуо қилишларида ҳам бир олам ҳикмат бор. Авлодлар давомийлигини, урф-одатларимиз мустаҳкамлигини ифодаловчи тўй - маросимларда дўст-биродарлар, қавм-қариндошлар дийдорлашади. Тантана сабабчиларини дуо қилиб, "Бизларни ҳам мана шундай хурсандчилик кунларга етказсин", дея ният қилишади. Ҳа, тўй ҳар бир инсон кўнглидаги энг юксак орзу-тилак.
Афсуски, кейинги пайтларда тўйларга янги-янги ўзгаришлар, қўшимча маросимлар киритилиб, дабдабабозлик, ким ўзарлик, исрофгарчиликка йўл қўйилаяпти. Оқибат, хурсандчилик ўрнини ўй-ташвиш, айрим ҳолларда ғам-қайғу эгаллаяпти. Бунга мисол қилиб бир танишим сўзлаб берган воқеани келтираман.
"Қўшнимнинг эндигина 20 ёшга кирган арслондек ўғли вафот этди. Бечора фарзанд доғида адойи тамом бўлди. У эри вафотидан сўнг, икки ўғил бир қизни ҳеч кимдан кам қилмай ўстирди. Катталари ўғил бўлгани боис, вояга етиб, онасининг «қўлтиғи» дан тутди. Отасиз улғайган йигитлар меҳнатда чиниқди. Йиғиб-териб, уй-жойларини янгилади. Ўз навбатида, синглиси бўй етиб, сов-чилар эшик қоқди. Синглимизнинг кўнгли ярим, элдан кам бўлмасин, деб қарз-қавола билан қимматбаҳо сарпо, гилам, мебель, парда, саноқсиз кўрпа-тўшак қилди. Дабдаба билан тўй қилиб, синглисини узатди. Ака-ука бўйниларидаги 15-20 миллион қарздан қутулиш учун чет элга ишлаб келишга кетди. Мусофир юртда қурувчи бўлиб ишлаётган йигитларнинг бири бахтсиз тасодиф туфайли юқори қаватдан тушиб кетиб, вафот этибди. Ҳали ишлаганига икки ой ҳам бўлмасдан укасининг жонсиз танаси билан қайтган аканинг фиғони фалакка ўрлади. Айниқса, онаизорни айтмайсизми?"
Тўйларимиз- юртимиздаги тинчлик, фаровонлик белгисидир. Ҳолбуки, дунёда қанчадан қанча одамлар уруш, таҳлика ичида, оч-наҳор яшаяпти. Биз шундай озод ва обод юртда фаровон яшаётган эканмиз, бунга шукр қилиб, ҳаддан ошмаслигимиз, меъёрни билишимиз зарур. Тўй, маъракаларда тўкин-сочинликни суистеъмол қилиб, дабдабабозлик, исрофгарчиликка йўл қўйиш, турли ортиқча маросимларни жорий этиб, миллий анъаналримизга путур етказиш, ношукрлик аломати. Давлатимиз раҳбари Навоий вилоятига сафари чоғида тўйларни ўтказиш масаласига алоҳида тўхталиб ўтди. Президентимизнинг ушбу чиқишидан сўнг, Ўзбекистон "Маҳалла" хайрия жамоат фонди ва "Нуронийлар" жамғармаси Ўзбекистон халқига тўй-ҳашам ва маъракаларни камхарж, тартибли ўтказиш бўйича мурожаат билан чиқди. Мурожаатномада яқин ўн йиллардан буён халқимизнинг ўткир муаммоларидан бири бўлиб келаётган, афсуски, йиллар ўтса-да, замон ўзгариб бораётган бўлса-да миллий тараққиётимизга катта тўсиқ, ғов бўлиб келаётган бу иллатга барҳам бериш, тўй-маъракаларни ихчам, замонавий тарзда ўтказиш ўрнига, тўйдан олдин ва кейин бўладиган кераксиз тадбирларни ўйлаб топиш, ҳаддан зиёд исрофгарчиликка йўл қўйилаётгани зикр этилган.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, халқимизнинг соғлом тафаккури, асрий тажрибаси, кўпни кўрган оқсоқоллар, кайвонилар, кенг жамоатчиликнинг қатъияти билан бу муаммони оқилона ҳал қилишга бизнинг кучимиз ҳам, имкониятимиз ҳам етади. Шундай экан, бу борада барчамиз бирга ҳаракат қилишимиз лозимлигини унутмайлик.
Ҳасан МАМАНОВ,
фахрий педагог.
скачать dle 11.3
Калит сўз Тўй

Ўхшаш янгилик

Янгиликдаги изоҳлар

Ҳурматли фойдаланувчи, Сиз сайтимиздан рўйхатдан ўтмаганмисиз.
Унда марҳамат Рўйхатдан ўтинг.

Ўзингизнинг изоҳингизни қолдиринг:

Ижтимоий тармоқлар

  • Фэйсбук
  • Твиттер
  • Телеграм
  • Сайт материалларидан фойдаланилганда WWW.PDH.UZ манбаи курсатилиши шарт.

    Тезкор алоқа

  • Админ билан алоқа телеграм

    Журналистлар

    Манзилимиз

    Самарқанд вилояти
    Паст Дарғом тумани, Жума шаҳри,
    Амир Темур кўчаси, 50-уй.

    Телефон : ( 8366 ) 465-12-56