Бош Сахифа » Жамият ва ҳаёт » ЖАРРОҲЛИК АМАЛИЁТИ

 
 
 

ЖАРРОҲЛИК АМАЛИЁТИ

Муаллиф: Admin дан 16-11-2017, 10:03, курилди: 36

0
ЖАРРОҲЛИК АМАЛИЁТИ
муваффақиятли ўтказиляпти
Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича давлатимиз раҳбарининг кўплаб фармон ва қарорлари қабул қилинди. Тиббий хизмат самарадорлигини янада ошириш борасидаги устувор йўналиш ва вазифалар белгилаб берилган мазкур ҳужжатлар соҳани янгиланиш, ривожлантириш жараёнига олиб чиқди. Бу ислоҳотлар замирида энг аввало, халқ манфаати ётганини эътироф этиш жоиз.
Туман тиббиёт бирлашмасига қарашли шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимида, беморларга кўрсатилаётган хизмат ва улар учун яратилган шароитлар ҳам шу фикрлар тасдиғи эканидан далолат. Бўлимга бир-икки кун аввал дард билан келган кишилар қисқа вақтда шифо топган. Уларнинг кўзларида қувонч, қалбларида миннатдорлик, мамнунлик ҳисси намоён.
- Умридан барака топсин, шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимидаги қўли енгил шифокорларнинг саъй-ҳаракати билан дарддан фориғ бўлдим, - дейди Гумбаз маҳалласилик Ҳамза Норқораев. - Икки кун давомида ошқозоним оғриди. Нотўғри овқатланганимдан бўлса керак, ўтиб кетади деб ўйладим. Учинчи куни бу оғриқ ўнг ёнбошга кўчиб, кучайди. Икки букилиб қолдим. Ўлиб қолсам керак дегандим… Бахтимизга саломатлик посбонлари бор бўлишсин. Ўзингиз ўйлаб кўринг, бировнинг қўл ёки оёғидаги тиканни олишга қўрқамиз. Улар инсон ҳаётини ўз бўйнига олиб, операция қилишади. Бундай машаққатли, шарафли касб эгалари менга ўхшаган миллионлаб кишиларнинг дардига дармон бўлиб, энг улуғ савобга эришяпти.
- 30 ўринга мўлжалланган бўлимимизда ўткир аппендицит, чурра, ўткир тошли холецистит ва ўткир панкреатит билан оғриганларга ҳамда криминал (йўл транспорти ҳодисалари ва бошқа ҳолатларда) жароҳатланганларга тиббий хизмат кўрсатилади, - деди бўлими бошлиғи Зайниддин Аҳмедов биз билан суҳбатда. - Жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида ўтказилган 1160 та жарроҳлик амалиётларининг барчаси муваффақиятли бўлди. Уларнинг 954 таси аппендицетдир. Ўткир аппендицит 13 хил сабабларга кўра, организмдаги чувалчангсимон ўсимтанинг зарарланиши оқибатида юзага келади. Бу кўпинча, болалар ва кексаларда учрайди. Беморда зудлик билан жарроҳлик амалиёти ўтказилмаса, унинг ҳаёти хавфда қолади. Бўлимда Обид Санақулов, Гулзаида Камолова, Ойбек Раҳматуллаев, Раҳим Абдуҳамидов, Заида Бўронова каби 36 нафар билимли, тажрибали шифокорлар, катта ҳамшира Наргиза Норбоева етакчилигидаги 58 нафар ҳамширалар ва 27 нафар фаррошлар самарали меҳнат қилишмоқда. Муассасамиз энг замонавий коагулятор, ЭКГ, УЗИ, рентген, отцос ҳамда ошқозон ва ўн икки бармоқли ичакни текширувчи ФГДС сингари аппаратлар ҳамда бошқа тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланган. Шифо истаб келган беморлар учун давлатимиз томонидан уч маҳал пархезли таом ва 92-95 фоиз бепул дори-дармон бериляпти.

Гули ПОШША.

Йўналиш: Жамият ва ҳаёт

Ҳурмтли меҳмон, Сиз ҳали руйхатдан утмагансиз.
Сиз малумот қолдиришингиз учун Рўйхатдан утиш лозим.