Бош Сахифа » Жамият ва ҳаёт » ДАВИР БОБОНИНГ ҲАЁТИ сабр, қаноат уйғунлашган саодатга ўхшайди

 
 
 

ДАВИР БОБОНИНГ ҲАЁТИ сабр, қаноат уйғунлашган саодатга ўхшайди

Муаллиф: Admin дан 26-08-2017, 15:34, курилди: 146

0
- Суронли даврга тўғри келган бизнинг ҳаётимиз ҳозирги ёшларга эртакдек, - дейди пиру бадавлат отахон Давир бобо Пўлатов. - Болалик дамларим даҳшатли уруш давр-ларига тўғри келди. 31- мактабда минг бир қийинчиликлар билан 10 йил билим олганман. Оч-наҳор, юпун кийимда мактабга борганмиз. Назаримда ўша пайтлар қиш эртароқ тушарди. Кўпинча, сал илиқ кунлари ўқишга оёқяланг борганмиз. Дарсдан сўнг ердаги қиламиқ қорни кўрган ўқитувчимиз раҳми келганидан теридан тикилган кавушини кийдириб юборгани ҳануз ёдимда. Фронт ортида катталар қатори ишлаганмиз.
Отахоннинг кўз ўнгида болалик хотиралари жонланди.
1931 йил тумандаги Жайра қишлоғида (ҳозирги Пахтачи маҳалласи) туғилган Давир бобонинг ҳаёти ва ўтмиш хотиралари ҳақидаги ҳикоясини тинглар эканмиз бугунги тинч, фаровон кунларга, юртимизга кўз тегмасин, деймиз.
Мактабни тугатгач қишлоқ йигити 1952 йил ҳарбий хизматга, сўнг 1955 йил Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтига ўқишга киради. 1961 йилдан то 2006 йилгача хўжаликларнинг чорва фермаларида зоотехник вазифаси ишлади. Фаолиятининг жўшқин палласи мустабид тизим билан боғланган.
- Ҳақини таниган, билимли кишилар қайсидир баҳоналар билан айбланиб, қамоққа олинарди. Ана шундай инсонлардан бири акам Мухтор Пўлатов 1987 йил "пахта иши" бўйича қамалган. Акам 3 та олий ўқув юртини битирган жуда билимдон, халқпарвар киши эди, - дея отахон чуқур хурсиниб, кўзларига ёш олди.
У кишининг қалбига таскин бериш, бироз бўлсада кўнглини кўтариш мақсадида фарзандлари ва бугунги ҳаёти ҳақида гап очдик.
Санам момо билан турмушнинг кўп синовларини енгиб, ёруғ кунларга етиб келган, ҳар тонгда шукроналар айтаётган отахоннинг чеҳраси ёришди.
- Инсоннинг бахти фарзандлари камолида, деб бежизга айтишмайди. Турмуш қурганимизга 56 йил бўлди. Ана шу вақт мобайнида 4 ўғил, 6 қизни тарбиялаб вояга етказдик. Уларнинг барчаси ўқимишли. Акбар ва Моҳида врач, Саодат, Мақсуда ва Дилраболар ўқитувчи. Салима фермер, Феруза эса тадбиркор. Зокир, Шокир ва Оролбойлар Жума элеваторида масъул лавозимларда фаолият юритаяпти. Шукур, ҳаммасининг роҳатини кўраяпман, - деди у киши.
Отахоннинг ҳаёти сабр, қаноат ва меҳнат уйғунлашган саодатга ўхшайди. Бугун фарзандлари ва элликка яқин невара-чеваралар ардоғда ҳаёт кечираётган Давир бобо ҳам-қишлоқларининг ҳам яқин маслаҳатчиси. Отахонга кўзи тушган ёшу кекса саломлашиб, дуосини олишни исташади. Ана шундай табаррук нуронийлар эл-юрт эъзозида қадр топаверсин.
Гулпошша ЭШҚОБИЛОВА

Йўналиш: Жамият ва ҳаёт

Ҳурмтли меҳмон, Сиз ҳали руйхатдан утмагансиз.
Сиз малумот қолдиришингиз учун Рўйхатдан утиш лозим.