Бош Сахифа » Жамият ва ҳаёт » ЁМОНЛИКДАН ЙИРОҚ

 
 
 

ЁМОНЛИКДАН ЙИРОҚ

Муаллиф: Admin дан 20-07-2017, 09:08, курилди: 37

0
ЁМОНЛИКДАН ЙИРОҚ
бўлиш сири

"Ёшларни китобга қайтариш лозим". Бу гап бугун юрт келажагини ўйлаган ҳар бир замондошимиз кўнглида бонг урмоғи лозим. Зеро, китоб мутолааси киши қадр-қиммати, жамиятдаги мавқеини белгилашда, тафаккур дунёси гўзаллигида муҳим ўрин тутади. Бу эса таълим муассасаси, ёшлар билан ишлаш ташкилотлари, ота-оналар зиммасига катта вазифаларни юклайди. Президентимизнинг "Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида"ги фармойиши ҳам кўпроқ ёшлар орасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, уларни китоб ўқишга жалб этиш каби қатор масалаларни кўзда тутган.
Айни пайтда 51-умумтаълим мактабининг ахборот-ресурс марказида 500 дан ортиқ бадиий адабиёт ва 100 дан зиёд услубий қўлланмалар мавжуд.
- Ўқувчилар қалбида мутолаага меҳр уйғотиш учун аввало, китоб фондимизни такомиллаштириш зарурлигини, айниқса, Тошкент шаҳрига малака оширишга борганимда кўпроқ англадим,- дейди ўқув даргоҳи директори Хайрулла Турдиев. - У ерда янги нашр этилган бадиий китоблар тақдимотлари менда катта таассурот қолдирди. Ўзим раҳбарлик қилаётган жамоа ҳамда ўқувчилар ҳам билимли, дунёқараши кенг бўлишини истаб, кутубхона фондига ўз ҳисобимдан 500 минг сўмлик бадиий адабиёт совға қилдим.
Мактаб АРМ қошида "Китобсевар ўқувчи" тўгараги мунтазам фаолият кўрсатади. Кутубхонага аъзолик дафтарларини варақлар эканмиз, Саидбек Рўзиев, Фотима Пўлатжонова, Фарзона Илҳомова, Севара Эшмуродова, Озода Нуралиевалар "Энг фаол китобхон" деб эътироф этилганининг гувоҳи бўлдик.
- Мутолаа жону дилим, - дейди Оқ олтин маҳалласилик онахон Малика Аннаева, - мен мактаб кутубхонасининг доимий аъзосиман. - Бу ерда ўтказиладиган тақдимотларга мени ҳам таклиф қилишади. Китоблардан олинган билим ҳаётда, оилада асқотади. Ўғил-қизларимга, келинларимга ҳам ёмонликдан йироқ бўлишнинг сири ўқиш эканини уқтираман. Набираларимга эса мана ўзим китоблар олиб бориб бераман ва ўқишини назорат қилиб бораман.
Ташаббус инсонга қанот ва кўтаринки руҳ бахшида этади. Мактаб раҳбари бошлаб берган ташаббус кенг қулоч ёйиб, таълим муассасасида меҳнат қилаётган педагогик жамоа ҳам мактаб кутубхонаси фондига китоблар совға қила бошладилар. Бундан ташқари, маҳалла, ота-оналар ҳам буни қўллаб-қувватлаяпти.
- Ҳудудда бирорта китоб дўкони йўқ, - деди мактаб раҳбари. - Таълим муассасалари кутубхоналари ҳам бадиий адабиётга бой эмас. Ўз фарзандларимиз дунёқараши кенг, теран бўлиб камол топишига барча бирдек бош қўшишилозим. Бунинг учун бор кутубхоналарни жаҳон, миллий адабиётимиз дурдоналарига тўлдиришга ҳисса қўшишга ҳар бир фуқаронинг имконияти етарли эди.

Гулжаҳон МАРДОНОВА.

Йўналиш: Жамият ва ҳаёт

Ҳурмтли меҳмон, Сиз ҳали руйхатдан утмагансиз.
Сиз малумот қолдиришингиз учун Рўйхатдан утиш лозим.