Бош Сахифа » Жамият ва ҳаёт » "ҚАЙНОНАМ ОНАМ МЕНИНГ, КЕЛИНИМ БОЛАМ…"

 
 
 

"ҚАЙНОНАМ ОНАМ МЕНИНГ, КЕЛИНИМ БОЛАМ…"

Муаллиф: Admin дан 20-07-2017, 09:00, курилди: 152

0
"ҚАЙНОНАМ ОНАМ МЕНИНГ, КЕЛИНИМ БОЛАМ…"

Маҳалла раиси билан иш режасини белгилаётган пайт, ёшгина келинчак кириб келди. Салом-аликдан сўнг, сабабини сўрадим:
- Нима гап қизим, оиланг тинчми?
Келинчак сукут сақлади-да, йиғлаб юборди. Билдимки, рўзғорида келишмовчилик бўлган. Унга тасалли бердим.
- Қайнонамнинг гаплари жонимдан ўтиб кетаяпти. Бу хонадонга кўника олмаяпман. Турмуш ўртоғим кечгача ишда. У киши чарчаб келади, дардимни айта олмаяпман. Бирор ишга қўл урсам, "Онанг ўргатмаган экан, бир ишни эплолмайсан", дея жеркийди...
Қайнона-келинга анча "тушунтириш" ишлари олиб боришимизга тўғри келди. Иккови ўртасидаги муносабатлар изга тушиб кетди.
Дарвоқе, "Қайноналардан оилага тегадиган наф келиндан яхши уй бекаси тайёрлаб бериш" дейилади ҳадису шарифда. Қадимдан бизга маълумки, уйнинг "об-ҳавоси" қайнона-келин муносабатида намоён бўлади. Бу гўёки занжир мисол бир-бирига боғланади. Ўша занжирлар узилмаслиги эса ҳар икки томонга ўзига хос мажбуриятларни юклайди. Келин ўзи тушган остонасини азиз билиши, хунугини "чиройли", ёмонини "яхши" қилиш учун астойдил киришиши зарур.
Маҳалла йиғинларидан бирида нуроний онахон барчага қарата шундай деган эди: "Азиз келин, сиз ватанли бўлдингиз. Бу сиз тинчгина ором оладиган бошпанангиз, умрингизнинг сўнгги дамигача ўзингизники бўлган даргоҳдир. Қани, бир ўйлаб кўринг-чи, ана шу тафаккур, мақсадни юрак ва онгингизда мужассам эта олдингизми? Сиз бу нозик туйғуни ажралиш деган совуқ ўйга алмаштирмаяпсизми, демак, сиз иймонли, эътиқодли инсонсиз. Оилада куртак ёза оласиз. Қайнонажон! Бундан 20-25 йил олдин фарзандли - ўғилли ё қизли бўлдингиз, яъни, оналик бахтига муяссар бўлдингиз. Бугун эса Оллоҳнинг иродаси билан келин олишга шай турибсиз. Бу сизга қувончи келтирадими ёки ташвиш? Албатта, қувонч. Чунки бу дунёда ҳар бир она фарзандининг камоли, бахтини кўришни истайди. Фақат остонангизга яхши ниятлар билан кириб келган келинга "болам" дея муносабат билдиринг. Биз қайноналар учун шахсий намуна бўладиган пайт келди."
Ҳа, ҳозирги ўзбек аёли ожиза эмас, балки барчага кўмакдош, ҳиммат ва эътибори, меҳр ҳамда саховати, тежамкор ва тадбиркорлиги, доно ва билимдонлиги билан дунёни лол қолдирадиган хусусиятга эга. Муқаддас қўрғоннинг асосини ҳам улар яратади. Тошкент шаҳрида ушбу масалага бағишланган конференциянинг иштирокчиси сифатида буни яна бир бор англадим. 16 йилдирки, маҳалла маслаҳатчиси сифатида хонадонлар, аёл-оналар билан мулоқотдаман. Гоҳида баъзиларига насиҳат қилсам, яна бировига шукроналик, қайсинингдир гапларидан, ҳаётидан кўнглим тоғдек кўтарилади. Муҳими, шу пайтгача маҳаллада оиласидан ажралганлар қайд этилмаган. Оилалар, келинлар бахтида қайноналарнинг ўрнини таъкидлагим келади. Чунки новдани қайси томонга буксанг, шу томонга эгилади. Маҳаллалар қошида "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмасининг йўлга қўйилиши нур устига аъло нур бўлди. Бу эса оилавий ажримларнинг олдини олиш, қизларни турмушга тайёрлаш, келиндан яхши уй бекаси тайёрлаш борасида катта мактабдир.

Раъно МАМАДАЛИЕВА,
"Буюк Турон" маҳалласи
маслаҳатчиси.

Йўналиш: Жамият ва ҳаёт

Ҳурмтли меҳмон, Сиз ҳали руйхатдан утмагансиз.
Сиз малумот қолдиришингиз учун Рўйхатдан утиш лозим.