Бош Сахифа » Жамият ва ҳаёт » ҚУЛФЛАНГАН СПОРТ ЗАЛ, АРМ

 
 
 

ҚУЛФЛАНГАН СПОРТ ЗАЛ, АРМ

Муаллиф: Admin дан 20-07-2017, 08:57, курилди: 49

0
ҚУЛФЛАНГАН СПОРТ ЗАЛ, АРМ
кимга керак?

Спорт инсонни ўз олдидаги мақсадига эришишда куч топа олишга, қатъиятли бўлишга ўргатади. Жисмонан бақувват, мустаҳкам иродали ва теран фикрли қилиб тарбиялайди. Мамлакатимизда спортга қаратилган эътибор, аҳолини жисмоний тарбияга кенг жалб этиш ўзининг юксак самарасини кўрсатмоқда. Буни юртимиз шон-шавкатини дунёга таратиб, миллатимиз шаънини ҳимоя қилаётган спортчиларимизнинг ютуқларида ҳам кўраяпмиз.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 июндаги "Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида умумтаълим мактабларида таътил пайти спорт заллари фаолияти ва уларда олиб борилаётган машғулотлар жараёнлари билан қизиқдик.
Тумандаги 105-умумтаълим мактабига кириб борганимизда соат миллари 10 га яқинлашганди. Ҳовлига кираверишда ранг-баранг очилиб турган гуллар, муҳташам замонавий бино кўзни қувонтиради.
Ҳовлидаги ўрик соясида қандайдир кўргазма ясаш билан шуғулланаётган икки киши билан саломлашиб, мақсадимизни айтдик.ҚУЛФЛАНГАН СПОРТ ЗАЛ, АРМ
- Мактабда қоровул билан иккимиз, бошқа ҳеч ким йўқ, - деди ўзини хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари деб таништирган Икром Ҳусанов. - Директор иш юзасидан коллежга кетган, ўқитувчилар эса меҳнат таътилида. Спорт залимиз замонавий. Унда талайгина спорт анжомлари ҳам бор.
Ишонч ҳосил қилишимиз учун спорт зал қулфи очилди. Яқин 1-2 ойлар давомида залда ҳеч қандай машғулот ўтилмагани кўриниб турибди. Буни кичкина бир хонада остин-устун бўлиб, чанг босиб ётган спорт анжомларидан ҳам англаб олиш қийин эмасди.
Таълим даргоҳидаги спортга муносабатдан кўнглимиз тўлмади. Мактаб кутубхонаси билан қизиқиб турганимизда директор Рустам Раҳматуллаев кириб келди.
Унинг ҳамроҳлигида кутубхона томон йўл олдик. Афсус, нурхона эшигида ҳам қулф осиғлиқ. Хижолатда қолган раҳбар қўл телефонида кутубхоначига телефон қилди.
- Бугун кутубхоначи шаҳарда экан, келолмаслигини айтди, - деди у телефон жавобидан сўнг.
Қироатхона деразасидан тахлам-тахлам боғланган дарслик китобларнинг бетартиб ташлаб қўйилганидан таътил бошланганидан буён кутубхонага ҳеч кимнинг "иши тушмаган"ини англаш қийин эмас.
84-умумтаълим мактабида ҳам худди шундай ҳолатнинг гувоҳи бўлдик. Хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари Мусурмон Сафаров суҳбат чоғида шундай деди:
- Таътил вақтида зал ёпиқ туради. Спортчи қизиққан болалар мактаб стадионида шуғулланишади.
У киши қўли билан имо қилган ўйингоҳ янтоқзорга айланиб улгурганидан спортга "қизиқувчи"лар йўқлигига амин бўлдик.
- Залда машғулот ўтишини хоҳлашмайдими?
- Хоҳлашади, аммо киритмаймиз. Чунки, уларнинг кўпчилиги уюшмаган ёшлар…
Мазкур муассасада Умрзоқ Зарипов кутубхоначи экан. Фаррош Анорхол Омонтурдиеванинг қуйидаги гапидан сўнг изоҳга ҳожат қолмади.
- Бадиий адабиётлар йўқ ҳисоби. Дарсликлар эса ўқув йили бошланганда керак бўлади. Кутубхонамиз таътилда ишламайди, - деди у.
Таълим даргоҳларининг барчасида шундай ҳолат, деб хулоса чиқаришга шошилмай Чархин ҳудудидаги мактабларга йўл олдик.ҚУЛФЛАНГАН СПОРТ ЗАЛ, АРМ
- Илм даргоҳимизда таълим-тарбия олаётган 445 нафар ўқувчилар ичида 200 нафарга яқини мунтазам спорт билан шуғулланади, - дейди 51-умумтаълим мактаби директори Хайрулло Турдиев. - Тўгаракларга ўқувчилардан ташқари маҳалланинг уюшмаган ёшлари ҳам қатнашаяпти. Тўғри-да, улар ҳам ўз фарзандимиз. Бекор юрмай машғулотларда тобланаяптими, бундан хурсанд бўлишимиз керак. Ҳали мактабнинг спорт зали йўқ. Лекин спортсеварлар кўп. Тўгарак раҳбарларимиз барибир имконини топишмоқда. Спорт зал қуриш учун тегишли идораларга бир неча бор мурожаат этганмиз. Натижа чиқишидан умид қилаяпмиз.
- Таътил дамлари мунтазам фаолият юритаётган спорт тўгаракларида 120 нафар ёшлар спортнинг дзюдо, ўзбек жанг санъати, муатай ва спорт гимнастикаси, бокс турлари бўйича машғулотларда мунтазам иштирок этяпти - дейди мактабда спортнинг дзюдо тури бўйича тўгарак раҳбари Азиз Зуваев. - Меҳнат самарасини шогирдлари камолида кўраяпмиз ҳам. Жорий йил дзюдо бўйича республика мусобақасида биринчи ўринни Фирдавс Раимов ҳамда учинчиликни эгаллаган Ўғилой Набиеваларнинг муваффақиятлари бошқаларни ҳам илҳомлантирмоқда.ҚУЛФЛАНГАН СПОРТ ЗАЛ, АРМ
Юқорида икки хил манзара, икки ҳолат. Муассасада осилган қулфни таътил пайти болаларнинг шуғулланишига имконият яратиш учун спорт заллари, кутубхоналарни узлуксиз ишлашини таъминлашга оид вилоят, туман ҳокимининг қарорлари ҳам "очолмагани"га сабаб нима? Мазкур қарорлар кимгадир тааллуқли, айримлар хабарсизми? Таълим муассасаси маъмурияти кўксидан итариб спорт залига киритмаётган уюшмаган ёшлар ҳам шу элнинг фарзанди-ку. Бу билан бўш вақтини қандай ўтказишни билмаётган ёшларни йўлдан адаштириб қўймаяпмизми? Болалар шуғулланаётган тоза-озода спорт жиҳозлар, зал фақат "комиссия"га кўрсатиш учун керакми?

Гулпошша ЭШҚОБИЛОВА,
Қиёмжон ЗИЁТОВ (фото).

Йўналиш: Жамият ва ҳаёт

Ҳурмтли меҳмон, Сиз ҳали руйхатдан утмагансиз.
Сиз малумот қолдиришингиз учун Рўйхатдан утиш лозим.