Бош Сахифа » УРГУТЛИК ҲАМКОРЛАР ташрифи

 
 
 

УРГУТЛИК ҲАМКОРЛАР ташрифи

Муаллиф: Admin дан 29-12-2017, 11:16, курилди: 28

0
УРГУТЛИК ҲАМКОРЛАР ташрифи
Туманимиздаги мавжуд 106 та маҳалла фуқаролар йиғинлари жорий йилнинг 20 июнида Ургут туманининг барча маҳаллалари билан "Маслакдош, елкадош, рақобатдош" лойиҳаси асосида ўзаро ҳамкорлик меморандуми тузганди. Ана шу меморандумга асосан, 16 декабрь куни Ургут тумани фуқаролар йиғинларининг вакиллари тумандаги маҳаллаларда ижтимоий муҳитни барқарорлаштириш жараёнлари билан танишиш, тажриба алмашиш учун ташриф буюрди. Меҳмонлар аҳоли билан мулоқот давомида туман маҳалла фуқаролар йиғинларида ишларнинг ташкил этилиши, яратилган иш ўринлари, қурилиш ва ободончилик ишларининг бориши, оилавий тадбиркорлик фаолиятининг йўлга қўйилганлиги, маиший хизмат шохобчалари, кам таъминланган оилалар, кексалар ва ногиронлар ҳолидан хабар олиш, болалар ва ўсмирлар учун мусиқа ва санъат, спорт секциялари, бадиий ҳаваскорлик, миллий ҳунармандчилик касби йўналишларидаги ишларни ўргандилар.
- Ургутнинг "Ўрта гўзар" маҳалласи раиси, котиби, маслаҳатчиси, посбони ҳам¬да нуронийлар ва ёшлар билан ишлаш масалалари бўйича раис ўринбосарлари ташриф буюришди, - деди Ҳовузак маҳалла фуқаролар йиғини раиси Жамол Элмуродов. - Меҳмонлар маҳалла фаоллари ҳамроҳлигида 50 дан ортиқ хонадонларда бўлишди. Қамоққа олинган жиноий гуруҳ аъзоларининг оилаларида бўлишиб, яқинлари билан суҳбатлашди. Ҳудуддаги ногиронлар ҳаёти ва тадбиркорлар фаолияти билан танишдилар. Қуён боқиш билан шуғулланаётган тадбиркор Тўлқин Қурбоновнинг ҳамда "Бека Чарос" масъулияти чекланган жамият фаолияти ва яратилган иш ўринларига яхши баҳо беришди.
- Тадбиркорликни йўлга қўйиш мақсадида йиғиб қўйган маблағимизга елим идишларни қайта ишлайдиган аппарат сотиб олгандик, - дейди Ш.Рашидов маҳалласида истиқомат қилаётган Дилором Умарова. - Қўлимиз калталик қилиб, тўхтаб қолдик. Банкдан молиявий кўмак олишга иккиландик. Ургут туманининг "Жайра тепа" маҳалласи вакиллари билан биргаликда хонадонимизга келган маҳалла фаолларидан ёрдам сўраб, мақсадимни айтдим. Улар "Тадбиркорлик йўлга қўйилса янги иш ўринлари яратилади. Сизга бу борада албатта ёрдам берамиз", дея имтиёзли кредит олиш учун йўл-йўриқ кўрсатишди.
- "Хўжагўзар" маҳалласидан ташриф буюрган ургутликлар ҳудудимиздаги 60 яқин хонадонларда бўлишди. Кам таъминланганлар, ногиронлар билан мулоқот олиб борилди. Аҳолининг йўл, электр симёғочларини таъмирлаш, кредит олиш масалалари бўйича мурожаатларни тинглашди. Ҳар хил дизайндаги пардалар, эркаклар либослари тикадиган Жонибек Бектемировнинг тикув машиналари хариди бўйича мурожаати биргаликда ҳал этиладиган бўлди. Меҳмонлар маҳалла биноси ва олиб борилаётган ишлар билан танишиб, ижобий хулоса чиқарди, - дейди Турон маҳалласи раиси Машраб Қодиров.
Шунингдек, Қўқони, Қорағўппа маҳаллаларида бўлган ургутлик ҳамкорларда ҳудуддаги паррандачилик, мебелчилик билан шуғулланувчи тадбикорлар яхши таассурот қолдирди. Балхиёнда бўлган меҳмонлар маҳалла раиси Амриддин Ибрагимовнинг 15 сотихлик иссиқхонасидаги ҳосилга кирган бодирингларни кўриб, оқсоқолнинг бошқаларга ибрат бўлаётганига ҳавас қилишди.
Ҳамкорлар ҳамроҳлигида йўл харитаси бўйича аҳоли билан мулоқот давомида аниқланган муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилди.
Гулпошша
ЭШҚОБИЛОВА.

Йўналиш: ---

Ҳурмтли меҳмон, Сиз ҳали руйхатдан утмагансиз.
Сиз малумот қолдиришингиз учун Рўйхатдан утиш лозим.