Бош Сахифа » ФОЛБИНЛАР келажакни олдиндан кўра оладиларми?

 
 
 

ФОЛБИНЛАР келажакни олдиндан кўра оладиларми?

Муаллиф: Admin дан 9-10-2017, 14:40, курилди: 22

0
ФОЛБИНЛАР
келажакни олдиндан кўра оладиларми?

- Қизимнинг ёши ўтаяпти, аммо қиз бола вақтида турмушга чиқиши керак. Фолбинга борсам, "Сизни кўролмайдиганлар фарзандингиз учун бахт "эшиги"ни ёптириб ташлаган", деяпти. Бошим қотди, нима қилсам бўлади? - дея йиғлаб маслаҳат сўради бир аёл.
Аёлга фолбинликнинг залолат эканлигини, унга ишониш ҳам ширк-лигини тушунтирдим.
Айни пайтда баъзи газеталар саҳифаларида чоп этилаётган мунажжимлар башоратига ишониб, келган совчини қайтариб юбораётган ота-оналар ҳам йўқ эмас. Шу ўринда қайд этиб ўтиш жоизки, пайғамбаримиз Аллоҳ таоло ҳар бир одамнинг тақдири яратилишидан эллик минг йил олдин ёзиб қўйилганини айтиб кетганлар. Бу тақдирни ҳеч ким ўзгартира олмайди. Ахир, ўйлаб кўрайлик. Чиндан ҳам фолбинлар келажакни кўра олсалар, нега оёқлари остидан "хазина" топиб, бойиб кетмайдилар, ёхуд унинг "башорати" билан дунё ўзгариб кетмайди. Ҳаёт кураш ва интилишдан иборат. Ана шу иккисини дилига тугиб, ҳаракат қилган кишигина бахт қасрига бек ёки бека бўлиши мумкин. Пайғамбаримиз "Кимки тугун тугиб унга дам урса, сеҳр қилган бўлади. Ким сеҳр қилса, ширк келтирган бўлади". "Ким фолбинга бориб, унинг айтганига ишонса, Муҳаммадга нозил қилинган нарсага куфр келтирган бўлади", деб айтганлар. Маълумки, Муҳаммад Мустафонинг "биздан эмас" дейишлари жуда оғир ҳукм ҳисобланади. Бу "мусулмонлардан эмас", деган фикрни англатади. Фолбинга ишонган киши эса Муҳаммадга нозил бўлган Қуръонга куфр келтирувчидир. Шу боис, фолбин ва сеҳргарликни касб қилиб олганларнинг гуноҳи ҳам катта бўлади.
Инсон нимагадир ишонгиси келади. Ё "Банда келажакни, ғайбни билмайди, била олмайди ва билишликка уринмасин!" деган илоҳий таълимотга ишонади ва баъзилар мунажжимлар ўйлаб топган башоратлар асосида кун кечиришга уринади. Ибн Аббос буюк саҳобий пайғамбаримиздан ривоят қилиб айтади: "Кимки юлдузлар илмидан бирорта илмни эгалласа, сеҳрнинг бир бўлагини ўғирлаган бўлади".
Хўш, аслида сеҳр нима? У бир нарсани ҳақиқатидан бошқа томонга буришдир. Бу қадимдан халқлар орасида кенг тарқалган. Ҳазрати Нуҳ даврида ҳам бу ҳақда маълумотлар бўлиб, золим ва туғёнга тушганлар Нуҳни сеҳргарликда айблашган. Ҳазрати Сулаймон даврида ҳам бу кенг қулоч ёйган. Шу сабабли у киши сеҳр-жодуга тааллуқли барча ёзув ва варақаларни махсус жойда сақлашга фармон берган. Аммо унинг вафотидан сўнг, баъзи кишилар уни кенг омма орасида ёйиб, сеҳрни бошқаларга ҳам ўргата бошлаган.
Чунончи, ислом ақидасидек очиқ, равшан ақидага эга бўлмаслик жамият учун хавфлидир. Бу турли сеҳр-жоду, хурофот, сафсаталарга ишониб кетишликка йўл очади. Оқибатда битмас-туганмас мусибатларга дучор бўлишга олиб келади.
"Фолбин" деб ном чиқарган кишининг "қабулхонаси" да доим одам тирбанд. Унинг гапига ишонган ва тасдиқлаган одам эса динда бўлмайди, у иймон-эътиқоддан йироқ бўлади.
С.ЧАХОЕВ,
"Нурул ислом" жомъе масжиди
имом-ноиби.

Йўналиш: ---

Ҳурмтли меҳмон, Сиз ҳали руйхатдан утмагансиз.
Сиз малумот қолдиришингиз учун Рўйхатдан утиш лозим.